Китобга ҳар ким ўз иқтидори, тарбияси, дид-савияси қадар муҳаббат қўяди
ва ана ўша муҳаббат унинг жамиятдаги мавқеини ҳам белгилаб беради, десак,
муболаға бўлмас.. Табиийки, ўтар йўлнинг пасту баландларида бу тарз одамлар
билан кўришамиз, суҳбатлашамиз.
Кимдир жамиятдан ортда қолмаслик учун, кимдир фалон йилдан бери “туя гўштини еб ётган” илмий ишини жўнаштириш учун, кимдир бўш вақтини ўтказиш ниятида, кимдир “эшак лойдан ўтгунча” ўқийди. Алқисса, билинмоқ умидида ҳарфхўрлик қилаётган-у билмоқ нияти ила ойдин кечаларда уйқудан воз кечганлар ҳам бор...
Кимдир жамиятдан ортда қолмаслик учун, кимдир фалон йилдан бери “туя гўштини еб ётган” илмий ишини жўнаштириш учун, кимдир бўш вақтини ўтказиш ниятида, кимдир “эшак лойдан ўтгунча” ўқийди. Алқисса, билинмоқ умидида ҳарфхўрлик қилаётган-у билмоқ нияти ила ойдин кечаларда уйқудан воз кечганлар ҳам бор...
Саломат момо Иброҳимова ҳақида ўйласам, аввало ўзидан ёруғлик, зиё
таратаётган шам хаёлимдан ўтади. Машҳур давлат арбоби ва шоир, мусиқашунос
Комил Хоразмийнинг чевараси бўлган бу закий, сўзгар онахон билан
суҳбатлашсангиз, жонажон тилимизнинг қадим лаҳжалари жонлангандек бўлади. Момонинг
қалб сандиғида мақолу маталлар, ҳикмат-у ҳикоятлар бисёр.
Момо асли хоразмлик. Тақдир шамоллари туфайли Самарқанд шаҳрига келиб,
ҳовли-жой тутиб, палак ёзиб кетди. Турмуш ўртоғи Исмоил Иброҳимов кўп йиллар
вилоят тиббиёт бирлашмасида масъул вазифаларда фаолият кўрсатган. Исмоил оға
вафот этгач, Саломат момо бола-чақаларга, келин-кеватга бош бўлди.
Ўйларсиз: бола-бақрани кори ўзбек аёлининг миннатсиз заҳмати, буларни
пешкаш қилиб, қаҳрамонлик сараланса, бизда қаҳрамон бўлмаганлар қолмас. Қўшиламиз,
бу – тўғри ўй, холис ўй, тоза ўй... Аммо момонинг бори ажаблиги, чароғбонлиги,
фазилати бугина эмас-да, газетхон.
Саломат момо қарийб қирқ йил Самарқанд давлат университетида кутубхона
ходимаси бўлиб ишлаган. Бир умр китоб йиққан, тахлаган, тарқатган, ўқитган.
Бировларнинг эътиборсизлиги боис униққан китобни кўзига суртиб-суртиб
фойдаланишга, ўқишга яроқли тарзга келтириш билан шуғулланди. Бундай юмушни
зиммасига олган ва бир умр бошқа касбга ҳавас қилмай, ўз ишидан фахрланиб
яшаган инсонни кўз олдингизга келтириб кўринг-а? Бугун ҳам шундай “кўздан
панадаги ҳақиқий қаҳрамонлар” борми? Кўпми улар?..
Ҳассос шоир Тўра Сулаймонда шундай байт бор:
Сочга бир-бир оқ тушмоқдадир,
Бундан кўнгил ёришмоқдадир.
Қор бўларми пастқам тоғларда,
Бошим кўкка туташмоқдадир.
Бир қатим нурдек оқ-оппоқ ифорга бурканган онахонга боққанда, беихтиёр
юқоридаги сатрлар хаёлдан ўтади. Халқ мақоллари ва маталларини йиғиб, тўплаб,
маънавий бисотини китобат шаклида авлодларга тортиқ қилган Саломат момoнинг яна
учта китоби нашрдан чиқди. Уларда Хоразм маданияти ва санъати ҳақида жозиб
фикрларни, ўхшаши ва такрори бўлмаган хотиротларни ўқиймиз.
Бибихонимдек аслзода ва меҳрибон момомизнинг доим такрорлаб юрадиган
сўзлари бу турур: “Офтобим ҳам
моҳтобим, итобим ҳам
шитобим китобдир...” Китобга, сўзга бу қадар муҳаббат бир одамнинг умри
давомида шаклланиб қолмайди. Бунда улуғ аждодларнинг, ўша – шеър ёзиб, соз
чалиб, давлатдорлик ила умргузаронлик қилган азизларнинг улгуси бор...
Ҳар гал Саломат момо ҳузуридан ҳузурга чўмиб, яна зиёратга келишни
ниятлаб қўзғалганимда, ижозат йўсинидаги дуогўйлик бўлади. Кўз юмиб, момонинг
сўзига қулоқ тутаман.
“Борингни бер болам, шу юрт сенга таломон! Кучингни кўрсат, эр йигит,
илм бебаҳо уммон! Қалбингни қўри ўғлим, унда сақланур замон! Кўзингни сақла
қўзим, гавҳаринг бўлсин омон!.. ”
Комментариев нет:
Отправить комментарий