вторник, 24 ноября 2015 г.

НИГОҲ...

Ўрда-қирда, дала-тузда, овулда-кентда нигоҳлар тўқнашади: лаҳзалик тўқинишда сийрат кафтдек сезилади. Аммо кимга сезилади? Билгичга, синчига.
Назаримда, домлам ана шундай инсон эдилар. Сабоқлардами, гурунгдами, нафис мажлислардами – суҳбатдошга майин бир нигоҳ ташлаб, син солиб ўтирардилар. Бу майинлик, ним табассум қатидаги асл маънони баъзан илғаб-илғамаган чиқарман, аммо домла кўз тиккан пайтда беихтиёр лаб-даҳанни, сўзнинг даромадини жиловлаб, ҳушёр тортиб қолардим.
Абдуғафур Расулов деганда қайноқ ёшлик ҳисларимга дош бериб, қунт билан илм оламига бошлаган асл зиёли инсон кўз ўнгимдан ўтади. Умуман, миллий университетнинг сирли-сеҳрли, жозибали адабий муҳити шу инсон тимсолида қалбимга мустаҳкам ўрнашган.
Мен домла билан 2006 йили танишганман. Милллий университетнинг Журналистика факультетида магистрликка ўқиб юрган пайтларимиз эди. Устоз “Адабий танқид асослари” фанидан дарс ўта бошладилар. Ҳозирги Физика факультети биносидаги каттакон аудиторияда бўлиб ўтадиган бу сабоқлар бир умр хотирамда қолган. Ўшанда Б.Дўстқораев, Ҳ.Акбаров, С.Умиров, М.Мирсоатова, Л.Тошмуҳаммедова каби ажойиб устозлар дарс ўтишарди. Ҳар бир домланинг талабалар билан ишлаш услуби бор. Масалан, Ҳамидулла Акбаров илк учрашувдаёқ янаги дарсга “Қўллар” деган мавзуда сценарий ёзиб келишни тайинлаб, шартта аудиториядан чиқиб кетганлар. Бойбўта Дўстқораев домла эса умуман қоғозга қарамай, ҳеч ким билан гаплашмай, чалғимай дарс ўтиб кетавердилар. Аммо, “Адабий танқид асослари” фанидан дарс ўтишга чоғланган домламиз илк гапни саволдан бошлаган эдилар:
                        Орангиздан ким Рафаэл Тоқтошни танийди?
Нокамтарлик бўлса ҳам айтай: ўшанда домла сўраган киши “ЎзАС”да ўқтин-ўқтин кўриниб турадиган “Р.Тоқтош” эмасмикин, деб ўйладим. Қўл кўтариб, газетага санъат хабарларини ёзадиган одамни айтаяпсизми, дедим. Ўрта қаторда ўтиргандим, домла ялт этиб менга қарадилар. Ўрнимдан турғазиб, исми-фамилиямни сўрадилар. Ўшанда домланинг нигоҳидаги  залворни илк марта чуқур ҳис қилганман.
Ана ўша илк суҳбатдан кейин домла менга айрича эътибор билан муомала қила бошладилар. Эсимда, бир дарсда ўтган асрнинг дастлабки ярмида баракали ижод қилган танқидчи Абдураҳмон Саъдий ҳақида гапириб бердилар. Шунда мен домладан Саъдий билан А.Қаҳҳорнинг муносабати қандай бўлган деб сўрадим. Чунки, Саъдий шахсияти ҳақида турли гаплар юради. Қаҳҳор эса ҳақпарастроқ тоифадан, демак, ўртада нимадир бўлгандир, деб ўйладим. Устоз бу саволга жуда мароқли қилиб, ҳаётий мисоллар билан жавоб берганлари ёдимда. Умуман, домла жараённи тарихчиларга хос технократик усулда эмас, ёзувчиларга хос бир услубда, бор деталлари, тафсилотлари билан ўрганар ва баён қилар эдилар.
Журналистика факультетини тамомлаб, энди нима иш қилишни билмай, бирон пултопар соҳага ўзни чоғлаб турганимда, Хадра томонларда ўша пайтдаги деканимизни кўриб қолдим. У киши мени чорлаб, зудлик билан домла Абдуғафур Расуловга телефон қилишимни айтдилар ва қўлимга бир парча қоғоз тутқаздилар. Ўқидим: “Беҳзод Қобулов менга телефон қилсин. А.Расулов. Телефон 2795812”. Ўшанда ички бир сезги билан энди мени янгича истиқбол кутаётганини, орзуимдаги ишга – илмга шўнғишимни тушундим.
Хуллас, эртаси куни Дўмбирободга бориб, домлага учрашдим. Салобат ва виқор билан “Хў-ў-ўш, энди нима қилмоқчисиз, ўғлим?” деганларида бир нарсалар деб минғирладим, ишқилиб ҳаяжон таъсирида айтилган чучмал гапдирки, бу кун эсимда йўқ. Алалхусус, ўша куни у киши билан росмана устоз-шогирд тутиниб, ишга киришдим.
Кейин икки йил давом этган мароқли суҳбатлар, адабий гурунглар бошланди. Гўё улоқчи тойчоқни кўпкарига қандай қунт билан тайёрласа, домла ҳам шогирдлар билан эринмай ишлар эдилар. Очиғи, мен билган профессор Абдуғафур Расулов билан ишлаш осон эмас. Домла ранжиб қолса, ойлаб у кишини жаҳлдан тушишларини кутардим. Кейинроқ ўзимиз қатори шогирдлар орқали айттириб, чақиртирмагунларича кўздан нарироқ юришга интилардим. Хуллас, домламнинг таъсири ва қанотида ўтган жўшқин йилларда устоз-шогирд орасида кечгулик жами тафсилотлар воқеъ бўлди...
Домланинг сўзлаш мароми жуда вазмин, салобатли эди. Гапни топиб-билиб айтардилар. Айниқса, бирон қизиқарли мулоҳазани баён қилишда хиёл жилмайиб, бош бармоқ билан кўрсаткич бармоқни завқ билан бир-бирига чоғиштириб гапиришлари сира хаёлимдан кетмайди.
Домланинг кўплаб фикрлари ёдимда, бирон муносабат билан қўллаб-ишлатиб тураман. Масалан, устоз айтадиларки, “Яхши асарлар ҳақида гап кетганда “яратилди” деган сўз ишлатилади. Негаки, яратиш деган сўзда ижод табиатига мос тушадиган ғайришуурийлик, илоҳий ҳисса бор. Ҳар ким ёзиши мумкин, лекин яратиш бошқа...”
Мен бугун ортга қараганимда устознинг ҳамма топшириқларини, маслаҳатларини амалга ошира олмаганимдан афсус қиламан. Эски дафтарларни варақласам, ўнга яқин мавзулар, ҳафсала биан ишласа яхши тадқиқот бўлиши тайин бўлган йўналишларни ёзиб олган эканман. Бу ёзувларни гоҳ домланинг уйларида, гоҳ аудиторияда, гоҳи ўриндиқда суҳбатлашиб ўтириб, хотирдан кўтарилмаслиги учун иншо қилганман. Масалан, Чингиз Айтматов асарлари асосида “Одамлар ва бўрилар” деган сарлавҳада мақола ёзишимни тайинлаган эдилар. Мақолада нималарга эътибор бериш кераклиги, бугунги кун билан боғлаш зарурати, асарнинг руҳига кириш талаби ҳақида узоқ суҳбатлашгандик. Аммо ҳали-ҳануз ўша мақолани ёза олганимча йўқ. Чунки, домла айтган кўламда, ўша маъноларни жо қилиб мақола ёзиш учун Айтматовнинг асарларидан ташқари, яна анча-мунча асарларни ўқишим керак эди. Умуман, баҳонадан сероби йўқ – ёзишга астойдил жидду жаҳд қилмадим, вассалом...
Домла сабоқларга кирганида биз шогирдлар эргашар эдик. Аммо дарсда домланинг маърузасини шунчаки эшитиб ўтириш эмас, гапнинг, фикрнинг маромидан огоҳ бўлиб туриш талаб этиларди. Устоз талабаларга сўзлаш асносида ёнларида ўлтирган аспирант-тадқиқотчи шогирдларга син ташлаб турардилар. Агар хаёлингиз чалғиса, худди ўша пайтда домла бирон мавзуни ўртага ташлаб ёки атай муроккаброқ савол бериб, қани, фалончи туринг-чи, бунга қандай жавоб берасиз, дердилар. Жавоб беролмасангиз, домланинг олдида ҳам, талабаларнинг олдида ҳам мулзам бўласиз...
Ана шундай синовларнинг бирида мендан герменевтика ҳақида дабдурустдан сўраб қолдилар. Хаёлим бошқа жойда эди, недир тириклик корига чора излаётгандим. Бир маҳал учиб-қўниб юрган хаёлдан тийилиб мундоқ қарасам, домла, 50-60 чоғли талабалар менга қараб, саволнинг жавобини кутиб туришибди. Таранг вазият... Сездимки, домла бир савол билан менга юзланган ва мен фаромушхотирлик қилиб эшитмаганман. Секин атрофга боқиб: “Қўшиламан, устоз, ҳамма гапларингиз тўғри. Бу мавзуда сизчалик билимга эга эмасман” дедим мужмалгина қилиб. Аммо устоз гап нимадалагини, аҳволимни фаҳмлаган эдилар. Ўша куни индамадилар-ку, лекин бир-икки кун ўтказиб, жойи келганда, битта гап айтиб, диққатимни жамлаб қўйгандилар.
Мени доим бир савол қийнайди: икки-уч йил устознинг ёнида юрдим, сўзларини жон қулоғим билан тингладим, хўш, оқибатда муносиб шогирд бўлолдимми? Афсуски, ич-ичимдан йўқ, муносиб шогирд бўлолмадинг деган садо келаверади. Таскин-тасалли шуки, ҳали олдинда вақт ва имконият бор, бир замонлар қайноқ ёшлик шижоати билан бошлаган ишларимни якунлашнинг-да мавриди келар...
Кейинчалик муайян сабаблар, очиқ айтиш керакки, шахсиятдаги қусурларнинг мантиқий давоми туфайли домла билан йўлимиз айри тушди. Аммо баъзи адабий йиғинларда, тадбирларда рўбарў келиб қолсак, синовчан тикилар, мен бу нигоҳлардан чўчиб, уялиб қочишга тараддудланар эдим. Вафотларидан ўн кунча аввал юрак ютиб, бир ошнамизнинг юр-юри билан домланинг уйларига бордим. Анча суҳбатлашдик, очиқ чеҳра билан кутиб олдилар. Ўшанда англадимки, тўрт-беш йил бу хонадондан, ардоқли домламдан оёқ узиб, паналаб юрганим мутлақо нотўғри бўлган экан. Ҳассос ёшлик йиларига ярашадиган, арзимас бир хатом туфайли устоздан чўчиб-уялиб юришим, аслида ўринсиз ўжарлик бўлган экан. Бугунги кунга назар ташласам, ўшанда мен хатога менгзаган ҳолат фазилатга айланиб улгурди. Аммо азал котибларининг ёзуғи барқарор экан, на чора...


Халқда “Кўзи кулиб туради”, “Кўзи гапиради” деган ибора бор. Устоз Абдуғафур Расуловнинг кўзлари кулиб турарди. Нигоҳлари ўктам, маъноли эди. Мен домладан жуда кўп нарсаларни ўргандим, билдим. Аммо биладиганларим, ўрганишим лозим бўлгани мўлроқ эди...

Комментариев нет:

Отправить комментарий