Шундай қилиб...
Жавобларнинг хилма-хиллиги ва бунга қатор
ижтимоий-маиший муаммоларнинг рўкач қилиниши масаланинг моҳиятига теранроқ
назар ташлашни тақозо этади.
Ёзиш ғайришуурий жараён – бунда ақл ва туйғу, ҳиссиёт
навбат талашади. Мақоланинг шакли, фактларни жойлаштириш тартиби, мантиқий
узвийлик ўша ёзиш асносида пайдо бўлади, бинобарин, бу жараённи аввалдан
режалаштириб бўлмайди. Ҳатто мухтасаргина корреспонденция қоралаш чоғида ҳам
журналист мутлақо эркин: хабарнинг ижтимоий аҳамиятини давр кайфиятига монанд
равишда талқин, таҳлил эта олади. Баъзи давлатларда муносабатсиз журналистика
рағбатлантирилади. Аммо матбуотда бугунги ижтимоий-сиёсий кайфиятни ҳис этишга
кўниккан ўқувчиларимизга бундай йўл маъқул эмас. Шу боис, ҳар сатр
қоралаётганда ўқувчининг аҳвол-руҳиясини, эстетик-ахлоқий унсурларни ҳисобга
олиш айнан ўзбек журналистикасининг устун тарафидир.
Диплом чўнтакда, аммо...
Баъзи ёш, дипломли журналистларда иккита яхлит жумла
тузиб, сўзни чийратиб юборгулик салоҳият йўқ. Хулласи калом, ёзолмайдиган,
баралла сўз айтолмайдиган журналистлар таҳсилнинг сустлиги ва ё касбга астойдил
қизиқишнинг йўқлиги оқибатида пайдо бўлади. Бундайларнинг битганига кўз
ташласангиз, “бўлганди-келганди”, умуман, “ганди-ганди”, “эди-деди” қабилидаги
тумтароқ жумлалар тўрсайиб, асабга тегишни бошлайди. Ҳар ким профессионал
журналист бўлиб туғилмайди, албатта. Мактаб кўриш керак, устоз муҳаррирдан
дакки эшита-эшита сўзни саралаб сайлашни, танлашни ўрганасиз. Бироқ баъзи гап
уқмас, буюклик касалига чалинган истеъдодлар, ҳа-ҳа, айнан истеъдодлар қалбида
милтиллаб турган чўғни ҳашаки орзуларга алмашадилар. Қарабсизки, гапи нисбатан
равон, жумласи бўлиқ, аммо мактабни тўла ўтамаган журналист моҳиятга ўтишда,
сўзнинг пайровини масалага дангал ва силлиқ улаб юборишда ноқислик қилади. Бундай
серсўз ёзарманнинг ўн-ўн беш саҳифалик силлиқ мақоласи қаёқдаю, ўткир
қаламкашнинг икки жумла ўтли, оҳорли гапи қаёқда! Ўқувчиям, ёзгучиям бу фарқни
аниқ билади. Хуллас, бир кун ҳаммасини тушунган дўстимиз, шикаста барига қўл
силтайди, ёзганлари на журналистика ва на адабиётга дахли йўқлигини ўйлаб,
мискин хаёлларга берилади. Ва шундан сўнг, аниқки, ёлчитиб ё з о л м а й д и! Ёшлик туйғулари, эҳтироси билан базўр
шу манзилга етганини ич-ичдан надоматлар ила тан олади.
Нега ёзмаслик керак?
Маълумки, ҳукм ва ҳулоса тушунчаси мантиқий тафаккур
шакллари ҳисобланади. Хулоса қилишдан аввал аввал масаланинг бўлар ва бўлмас
жиҳатларини қиёслаш керак деб уқтиради бу фан. Масалан, бир мавзу ҳақида обдан
фикрладингиз, саҳифадан жой ажратилди, таҳририят режасига киритилди, лекин
иштиёқ йўқ, баъзи истиҳола пайдо бўлди,бордию, агарда ... дея саволлар
қуршовида қовриласиз. Ана шундай пайтда шартта “нега ёзишим зарур?” ва “нега
ёзмаслигим керак?” деган саволларга жавоб ахтаринг. Жавобларни иккита устун
шаклида ёзиб боринг. Қарабсизки, сабаблар қай бирида мўлроқ бўлса шу йўлдан
борасиз. Бу фаннинг, мантиқнинг маслаҳати. Бироқ, мантиқ ожиз қоладиган
ҳолатлар ҳам бор...
Икки-уч сана муқаддам меҳрибонлик уйи ҳақида мақола
ёзишга киришдим. Ўқувчилар ёзги таътилга чиқиш асносида эдилар. Пойтахтимиздаги
меҳрибонлик уйларидан бирига бордим. Мураббия билан дилдан суҳбатлашдик.
Кутубхона, ётоқхона, дам олиш хонаси, ошхона, қўйингчи, барча жойларни айланиб
чиқдим. Шароит зўр, тарбиячи-устозлар ҳам ажойиб инсонлар. Кейин уларга
қўшилиб, ёзги оромгоҳга жўнадим. Сўлим тоғ ҳавоси, хушҳаво бўстон. Болаларга
разм соламан, ҳатти ҳаракатларидан маъно ахтараман. Мухбир амаки келди, дея
мураббия опамиз болаларни қўшиқ айтиб беришга, рақсга чорлайди. Қўшиқ айтилди,
рақс ижро этилди... Бироқ, мен ўшанда жуда ғалати, шарҳи ноаён туйғуга рўбарў
бўлдим. Уларнинг ҳатти-ҳаракатида табиий самимият, жўшқинлик йўқ. Рақс
элементлари мукаммал, қўшиқ ижроси гўзал, аммо олам-олам завққа чўмган ёшликни
кўрмайсиз, хато қилиб, кейин уятдан қизарган юзлар эмас, умуман хато қилмай
топшириқни бажаришга кўниккан сипо қиёфалар бор-йўғи ўн беш-ўн олти яшар
эканига ишонолмайсиз. Буларни қучиб, бўзлаб йиғлагингиз келади, юр болам,
кетдик укажоним, дея уйга етаклаб кетишга шайланасиз. Бола сезгир бўлади,
қолаверса тўлиқиб унга назар ташлаётган биринчи одам ҳам эмассиз. У бунга
кўникиб қолган, оддий ҳолга айланган. Энди сизга қўшилиб йиғламайди, титроққа
тушмайди, тушолмайди... Унинг бор туйғулари, сезимлари иккита сўз атрофида
айланади: кутиш ёки унутиш.
Хуллас, орадан уч йилми-тўрт йил ўтди ҳамки, ўша
мақола ёзилгани йўқ. Ёзолмадим. Ҳаяжонларимни қай шаклда сўзга туширишга
тараддудланганим тараддудланган, бироқ бундан нари ўтолмайман.
Англаганим шу бўлдики, гоҳо маҳорат ва далиллар
етишмаслиги туфайли эмас, туйғуларни карахт қилган олам билан рўбарў келганда
ҳам журналист ёзишга қийналар экан...
Қўллар ва йўллар
Университетда устозимиз Ҳамиддулла Акбаров
“Сценарийнавислик асослари” фанидан маъруза ўтардилар. Сира эсимдан чиқмайди,
биринчи сабоқда ҳаммамизга бир топшириқ бериб, кейин чиқиб кетгандилар. Бизлар
чурқ этмай қолдик. Домла аудитория ўйчан қиёфада кириб келдилар-да, бир қур
яхшилаб разм солгач:
–
Бу фан ижод жараёни ҳақида. Мен сизларни
билмайман. Кимнинг салоҳияти қандай эканлигини чамалаб олишим зарур. Хуллас,
топшириқ бундай: келаси дарсга “Қўллар” деган мавзуда сценарий ёзиб келасиз.
Ҳар ким ўзи билганича ёзсин. Буёғи ихтиёрий. – дедилар-да, секин-секин юриб
чиқиб кетдилар.
Қўллар... Хуллас, келаси
ҳафта маълум бўлдики, ҳеч ким топшириқни бажармаган. Аниқроғи, бажаролмаган.
Бу, энди маҳоратсизликми, билимсизликми, масъулиятсизликми деб ўйладим ўшанда.
Мен ҳам ҳарчанд уринмай, мана, деб кўрсатгулик матн ёзолмагандим. Домла тағин
аудиторияга синовчан тикилиб, шундай сўз айтиб эдилар:
–
Болаларим, мен
сизларга ишонаман, насиб қилса етук журналист бўласиз. Қўллар ҳақида ёзиш осон
эмас. Бунинг учун тарихни, улуғ тақдир эгаларини яхши билиш керак.
Ёзолмаганингиз виждонингиз поклигидан далолат. Ёлғонга ройиш йўқлигидан
далолат. Мен сизларни синагандим. Зотан, қўллар ҳақида, бу беминнат дастёр
ҳақида ижтимоий ҳаётга нисбат бериб, мажозлардан фойдаланиб, зўр сценарий ёзиш
учун ҳаёт мактабида чиниқишингиз, устозлар қўлида камол топишингиз, ўз қўлингиз
билан ҳалол луқма топишингиз, бировнинг қўлига қарам бўлишдан тийилишингиз,
сизни елкасида кўтарган заҳматкаш қўлларни ардоқлаб ўтишингиз, дуогўй
қўлларнинг юрак тафтини теран англашингиз лозим. Қўлингиз тўғри бўлса, йўлингиз
ўнг бўлади, буни унутманг... Қўллар ҳақида эса ёзишга қайта урунманг. Барибир
ёзолмайсиз, ёзиб бўлмайди ахир! Энг катта сабоқ шуки, дунёда қаламга тушириб
бўлмайдиган неъматлар борлигини, инсон имконияти етмайдиган ишлар борлигини
унутмасангиз, бас...
Орадан йиллар ўтди. Бироқ,
ўша сабоқ, устознинг салмоқлаб сўзлаши, аудиторияда ўтирган талаба
дўстларимнинг ўша кунги қиёфаси хаёлимдан чиқмайди. Бугун улар эл
таниган-билган умидли қаламкаш бўлиб танилди, пишиқ-пухта мақолалари, китоблари
пешма-пеш нашрдан чиқаётир. Аммо ҳеч ким қўллар ҳақида ёзмади. Домламиз ҳақ
экан...
Ёзолмаслик айбми?
Нўноқ қаламкашнинг нега
ёзолмаслиги аён бир гап. Бироқ, етук журналистларнинг матбуотда камнамолиги,
катта ижтимоий акс-садо берадиган мақолаларнинг кўп эмаслиги ҳам кўзга
ташланмоқда. Публицистика жанрлари сирасида бугун эссенинг омади чопган.
Памфлет, фелъетон, очерк аҳён-аҳёнда кўриниб турибди. Шунда ҳам мақола руҳининг
шикасталиги, журъатнинг суръати кишини ўйлантиради. Матбуот тили ҳам
мақтангулик эмас. Ўзбек тили стилистикасининг бузилишига мисол керак бўлса, етарлича топилади. Биз мақолаларини ўқиб катта бўлган авлоднинг ҳам шашти
пасайган. Уларнинг ёши олтмишнинг нари-берисида. Шундай экан, аввалгидек
баракали ижод ҳам йўқ. Ёшлар эса ҳали ишончни оқламадик. Оқлаёлмаяпмиз.
Қандайдир фалсафий хулоса чиқарамиз, янги, оригонал гап айтамиз дея шаклга
берилиб, мазмунни унутамиз ва ёки аксинча. Устозлардан ўрганиш, инжиқликларига,
талабчанлигига дош бериб, сўзинг мағзини ҳис қилишга ошиқмаймиз...
Шарҳ жанри, назаримда,
публицистиканинг чўққиси. Бутун дунёда ҳозир шу жанр етакчи мавқени эгаллайди.
Бир масаланинг аввалидан охиригача етарлича далиллар билан, манфаатлар
гирдобида ўйнамайдиган бир тарзда, олтин ўрталиқни топиб ёзилган шарҳларни
қачон ўқигандик? Яқин орада бунга уринишлар бўлди ва бўлмоқда. Аммо тағин гапни
айлантириш, муддаони етти қават жумла орасига ўраб баён қилиш.., шарҳ эмас-да!
Ўшандай шарҳни шарҳлашга тағин малакали шарҳловчи керак. Шу маънода, ўзбек
матбуот шарҳловчилари бир бўлиб, “sharh.uz” сайтини ишга туширганлари катта
янгилик бўлди...
Йиғинлардан бирида
раҳбаримиз шундай деган эди: “Ҳар қандай мавзуда ёзса бўлади. Фақат мақоланинг,
фикрни баён этишнинг шаклу шамойилини топа билиш керак.”
Комментариев нет:
Отправить комментарий