Мазкур фильм
намойишга қўйилмай туриб, ҳали тасвирга олиш ишлари давом этаётган бир паллада
айрим сайт ва блогларда, ижтимоий тармоқларда пиар кампания "зўр" ишлади. Шамол қаёқдан эсаётганини дарров илғайдиган, оғзингизни очсангиз,
ўпкангизни кўрадиган олғирлар пайтдан фойдаланиб, “очко” ишлаб олмоқчи бўлишди.
Пўшт, “Барон”имиз келаяпти, етар, димиқиб кетдик, энди жаҳонга чиқаяпмиз, қоч
ўзбекфильм, нари тур, дегандай асъасаларга олти кетдим...
Адашмасам, ўқиса бўладиган дастлабки фикрни таниқли
журналист Шерзод Қудратхўжаев ўзининг соцсетдаги саҳифаси орқали айтди. Бу мухтасар
таассуротда фильмнинг асосий ютуқ ва фазилатлари саналган эди. Ўша
мулоҳазани ўқиб кўргач, “Барон”ни кўришга ошиқдим. Хуллас, томошадан кейинги
таассуротимни бунда ўртоқлашар эканман, ёзганларимни объектив фикр деб эмас, шахсий
муносабат-изоҳ ўлароқ қабул қилишингизни сўрайман.
“Барон” – бугунги ўзбек киносининг ютуқларидан бири.
“Барон” – тугалланмаган, яхлит олиб фикрлашга манба
бўлолмайдиган асар.
“Барон” – эзгу фикр айтиш истагидаги яхши одамларнинг
меҳнатлари маҳсули. Лекин яхши одам бошқа, мутахассис бошқа. Диний, этнографик,
жиноий мотивлар мавжуд ўринларда мутахассислар билан кўпроқ ишлаш керак эди.
Энди юқоридаги тезисларни мухтасар шарҳлашга ҳаракат
қиламан.
1. Негаки, режиссёрнинг иши томошабинни залга етаклай
олиш, ўз асарини кўришга иштиёқ уйғотиш. Шу маънода, фильм бу вазифани
уддалади. Ундаги камчиликлар, хатолар бошқа масала. Ўйлайманки, маиший-этнографик
мазмунда фильм олиш қулай ва бехавотир. Барибир бундай типдаги асарлар учун
дилга яқин қандайдир эпизодлар топилаверади, бинобарин, ранг-баранг ўзбек ноосфераси
ҳар қандай нўноқ киночилар учун боп мавзу бера олади. Аммо миқёсли фильм олиш
учун журъат керак, бўлажак танқидларга бардош беришни ўйлаш лозим. Қаердадир
ўқиб қолдим. АҚШ космосга йўллаган 200 га яқин сунъий йўлдош пленетамизнинг ҳар
бурчагини қаричлаб юрган бир пайтда, Эрон эндигина космосга итларни учирибди. Агар
уриниш мувафаққиятли чиқса, кейинроқ фазогирларни учирар экан. Эҳтимол ҳозир бу
хабар эскиргандир, аммо мен шу нуқтани мисол қилиб келтирмоқчиман. Биз ҳам
жаҳон даражасига чиқиш учун ҳаммасини ўзимиз бошлашимиз, бошидан йўлга қўйишдан
уялмаслигимиз керак. Ва бошланғич нуқтада, стартда турган томонга ана шундай нуқтаи-назардан
ёндашиш керак. Рус киноматеграфияси таъсиридаги ўтмишимиз – ўтмиш. Бизни “Тоҳир
ва Зуҳра”лар давридаги яратиқларимизда катта қозоннинг улуши бор эди. Ўзбек
киноси ўшанда жаҳондаги яхши интеллегенция жамланган улкан тарғиботнинг
ячейкаси бўлган, холос. Энди янги технологиялар, услублар, катта ҳаражатлар
даврида яшаяпмиз. Мен аминманки, Рустам Саъдиевнинг қўлида 20 миллион доллари
бўлганида бошқача фильм олган бўлар эди. Матнни пишитишдан тортиб, ҳар бир
эпизодни, детални ўткирлаштириш, умумий манзарага дохиллигини бўрттириш йўлида
изланар эди. Лекин, қандай қилсинки, ўз қўлидаги масаллиқ билан иш кўришга
мажбур бўлган. Жорий вазиятдан келиб чиқиб баҳо берилса, муаллифларнинг шундай
фильм олгани ютуқ. Кейинги яхши асарлар учун тажриба ва зинапоя. Йўқ, сиз ўзбек
киносини битта сценарий учун 10-15 кишилик жамоа ишлайдиган Голливуд билан солиштирманг.
Бу кулгули.
Ўйлаб қарасам, мавжуд кинохирмонимизда юзидан, кўз
ташлашидан ақл ва фаросат уфуриб турадиган сиймо танқис экан. Охирги йилларда
бундайини умуман кўрмадим. Масалан, актёр Улуғбек Қодиров ақлли, билимли, қалби
бор йигит ролини ўйнай олмайди, менингча. Чунки, бундай ифода, мураккаб
кечинмаларни тасвирлаш учун “томорқа” (богаж) шунга яараша бўлиши керак. У
чапани ошиқ, эркатой ёки гардкам йигит ролинигина қиёмига етказа олади. Фаррух
Соиповнинг қиёфасида фикрлаётган одамнинг айрим чизгилари бор, лекин маърифатдан
улгу йўқ. Адиз, Жаҳонгир ҳам шулар қатори. Айтсам, гап кўпаяди, холос. Лекин бу
уларни мутлоқ ерга уриш эмас, киноасарга ҳар қандай қаҳрамонлар керак бўлишини унутмаслигимиз
керак. Демоқчиманки, ҳар бир актёрнинг имконият чегараси бўлади. Биз назарда
тутаётган кинода Иззат ролини ўйнаган актёрнинг ижроси, назаримда, фильмни “кўтариб”
турибди. Бир пайтнинг ўзида икки талқинга эга бўлган ролни ўйнаган бу ижрочи
миллий киномиздаги бўшлиқни тўлдирди, зиёли ва серфикр инсонни кўрдик. Агар у
душманлар сафида қолиб, ўзимизники бўлиб чиқмаган тақдирда ҳам шу хулосамда
қолар эдим.
Жавоҳир Зокиров яхши актёр. Ўжар ва жаҳлдор, серзарда
бир қиёфаси бор. Мазкур фильмда бир эпизод, аниқроғи, диалог менга ёқди.
Эсингизда бўлса, қамоқхонада боксчи билан учрашганда кўзга кўринмайдиган рақиб
ҳақида гапиради. Мана шу мантиқ худди соя каби фильмнинг бошидан охиригача
сингдирилган. Ижодкорлар бизга асосий планда тақдим қилаётган олишувлар, ҳисоб-китоблар аслида
иккинчи даражали ҳолат эканлигини якунда уқасиз. Асл ҳисоблар бошқа жойда
бўлаётган эди.
Кимгадир ёқар-ёқмас, лекин махфий хизматлар, жосуслар
образи ҳозирги жаҳон киносида севимли қаҳрамонлардан саналади. Шундай экан,
бизнинг ижодкорларимиз ҳам экранда секин-аста ўз Жеймс Бондини яратишга ҳаракат
қилаётгани яхши. Гап шундаки, ёшлар қаёқлардаги Пўлатларга, Бондларга эмас,
ўзимизнинг Иззатларга, Жасурларга ҳавас қилгани тузук. Мен шундай ўйлайман.
2. Негаки, асар якунида мақсад очилмай қолди. Иззат барон
бўлди. Хўп. Аммо бу унга ва Ватанга нима беради? Бу тутумнинг шарҳи керак эди,
зарур эди шу. Чехов домланинг таъбири билан айтганда, саҳнага олиб чиқилган
милтиқ ўқланди, лекин отилмади. Назаримда, келаси серияда моҳият очиқланса
керак. Мени қизиқтираётган жиҳати шуки, воқеаларниг келгуси ривожида ўзбек
идоралари Иззат орқали жаҳон мафияси билан ўз ўйинини ўйнайдими ёки бошқа
давлат идоралари билан ҳамкорликда улкан тозалашни бошлайдими? Хуллас,
муалифлар бўлди, асар тугади ўртоқлар, ишни якунладик демагунча тўлиқ фикр
айтиш қийин. Чала асар ҳақида фақат чала фикрлар туғилади. Хуллас, “Барон” шу
туришида – яхлит олиб фикрлашга манба бўлолмайдиган асар.
3. Негаки, ният бошқа, оқибат бошқа.
Ўзаро суҳбатда кимдир айтиб қолди. Ўзбек аёли жиянини
ўз қарзи эвазига қулликка бериб юбормайди, киночилар миллатимизни ерга
уришаяпти эмиш. Биринчидан, бу вазиятда умуман ўзбек аёли ҳақида гап кетмаяпти.
Алоҳида бир ҳолат, вазият кўрсатилди. Иккинчидан, хабарларни ўқиб тураман.
Воқеликда бундан бадтар ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Кинода ўзимизни ўзимиз
мақташимиз керак деган мантиқ қаердан пайдо бўлган ўзи?
Фильмдаги ҳодисаларни ўзаро боғлаш вариантлари бир
нечта эканига эътибор беринг. Кино
атрофидаги муҳокамаларнинг кўплиги ҳам шундан, аслида. Аммо ижодкорлар шундай вариантга
тўхталишганки, натижада, биз уни қабул қиламиз. Рад этиш, бошқачароқ ривожни таклиф
қилиш осон. Лекин, яна қайтарман, сизу биз 20 миллион доллар бюджетга эга фильм
ҳақида гаплашмаяпмиз, 250 минг доллар атрофида пул сарфланган бўтқа ҳақида
гаплашаяпмиз. Биз бўтқага бўтқадай муомала қилишимиз керак. Хўш, бу бўтқамиз
бўтқа сифатида қандай ўзи, деб фикрлашимиз керак. Девзирага қилинган ош қани,
деб зириллаш нотўғри. Кечирасиз-у, шундай масштабли асар учун бу пул – писта
пули. Шу маънода, жаҳон ва ўзбек киноси мотивларининг қоришмаси бўлган мазкур
фильм замонавий киноматеграфиямизнинг навбатдаги ютуғи. Бори, бўлгани. Қарсак
чалиб олқишлаб қўйишимиз керак, раҳмат, келгусида бундан ўзинглар деб холис
туриш тўғри бўлади, назаримда...
Эскартиш:
Батафсил ёзишга
вақт етишмади.
Ҳозир,
муҳокамалар бўлиб турган
пайтда бу фикрларни ҳам ҳавола қилмасам,
“ҳайитдан кейинги хинани...” бўлади деб
ўйладим. Қисқалик ва нотугаллик учун узр.
Барибир асосий фикрлар шу, шекилли.
Қолгани шу атрофидаги гаплар...
Ўзбек киноматеграфиясида милтиқ ўқланди. Худо хоҳласа, девзирадан ошлар еймиз!
ОтветитьУдалить